"Uzbekistan Airways" миллий авиакомпанияси жорий йилнинг 15 ноябридан эътиборан "Тошкент–Лаҳор–Тошкент" тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўймоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА.
Ўзбекистон Президентининг Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлиги ташаббусини ҳаётга тадбиқ этиш, Ўзбекистон ва Покистон ўртасида савдо-иқтисодий, сиёсий, маданий-гуманитар алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, халқ дипломатиясини жадал илгари суриш мақсадида 2024 йил сентябрь ойидан бошлаб покистонликлар учун юртимизга кириш визасини расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди.
Тўғридан-тўғри рейслар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, икки давлат туризм салоҳиятини илгари суриш, ўзаро ташрифлар учун сарфланадиган вақтини тежаш, барча соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Миллий авиакомпания халқаро парвозлари кўлами, хизмат кўрсатиш сифати, иқтисодий афзалликлари, мамлакатимизнинг транзит хаб сифатидаги салоҳияти покистонлик ва ушбу мамлакатдан парвоз қилувчи хорижлик йўловчилар учун кенг имкониятлар яратади.
Ҳозирда Ўзбекистон ва Покистон шаҳарлари ўртасида янги йўналишдаги авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар давом этмоқда.
– Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан покистонликлар учун виза расмийлаштириш тартибининг соддалаштирилгани ҳамда тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилаётгани Покистон жамияти учун қувонарли ҳодиса бўлди, – деди мамлакатимиз фахрий консули Нажиб Воҳра. – Бу Ўзбекистон етакчисининг минтақавий боғлиқликни қайта тиклаш борасидаги сиёсати қатъий ва бу жараён энди ортга қайтмаслигидан далолат беради. Минтақаларимиз ўртасида қайта тикланаётган алоқаларга янгича мазмун бахш этади. Ишбилармонлар учун вақт энг қимматбаҳо неъмат ва қайта тикланмас ресурс ҳисобланади. Бизнес доира вакили сифатида ишонч билан айта оламанки, йўлга қўйилаётган янги авиамаршрут икки мамлакат тадбиркорларининг ўзаро сафарлари давомида сарфланадиган вақтини тежаб, алоқаларни жадаллаштиради, янги қўшма лойиҳалар учун йўл очади.
Бундан ташқари, покистонликлар учун Ўзбекистоннинг, жумладан Тошкентнинг транспорт ва транзит хаби сифатидаги имкониятларидан кенг фойдаланиш имконини беради.