Бугун, 25 октябрь куни Ўзбекистонда “Қоғозсиз бир кун” республика эко-акцияси ўтказилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Таъкидланишича, қоғоздан фойдаланишни қисқартириш ва ундан воз кечиш харажатларни, табиий ресурсларга бўлган юкламани, жумладан, сув ва электр энергияси истеъмолини камайтириш ҳамда чиқиндилар миқдорини қисқартиришга имкон беради. Умуман олганда, бундай амалиёт давлат органлари фаолиятини янада барқарор, иқтисодий самарали ва экологик хавфсиз қилишга ёрдам беради.
Адлия органларида жорий қилинган электрон тизимлар сабабли 2024 йилнинг 9 ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,7 тонна офис қоғози тежалди.
Ўртача ҳисобда 1 тонна офис қоғозини ишлаб чиқариш учун дарахт тури ва ишлаб чиқариш технологиясига қараб 17—20 та дарахт керак бўлиши мумкин. Шу сабабли, 12,7 тонна офис қоғозини тежаш орқали тахминан 240 та дарахтни сақлаб қолишга эришилди.
Қоғоз сарфини камайтириш учун тавсиялар:
- рақамли технологияларга ўтинг: ҳужжатларни чоп этиш ўрнига электрон хатлар жўнатинг.
- оқилона чоп этинг: фақат зарур бўлганда босинг, икки томонлама чоп этишдан фойдаланинг.
- қайта ишланган қоғоздан фойдаланинг: экологик тоза қоғоз маҳсулотларини танланг.
- файлларни онлайн улашинг: булутли сақлаш хизматлари ва ҳамкорликда ишлаш воситаларидан фойдаланинг.