Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини сайловини шакллантириш иккита сайлов тизимининг уйғунлашувидан ҳосил бўлган пропорционал сайлов тизимига кўра ўтказилади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 150 та депутатлик ўрни бўлса, эндиликда 75 таси аввалги тартибда можаритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан тузилса, қолган 75 нафари янги жорий қилинган пропорционал сайлов тизимига кўра партияларнинг олган овозларига мутаносиб равишда партияларда ўз ўрниларини эгаллашади.
Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган партия рўйхатига кўра олган овозлари кетма-кетлигида мутаносиб равишда 75 та ўринни сиёсий партиялар олган овози бўйича тақсимланади. Бу аралаш сайлов тизими — фақат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига хос бўлган янги механизм. Бошқа сайлов турларига эса янги тизим татбиқ қилинмайди.
Янгиликлардан яна бири сайлов жараёнларини рақамлаштириш, сайлов жараёнларида ахборот коммуникация воситаларин янада кенг жорий қилиш мақсадида "E-saylov" ахборот тизими ишлаб чиқилди. Ушбу сайлов компанияси 2024 йил 26 июлдан эълон қилинган бўлса, бугунги кунгача бўлган барча турдаги муносабатлар биргина "E-saylov" ахборот тизими орқали марказлашган ҳолатда амалга оширилиб келинмоқда.
Аввалги тизимга кўра, барча маълумотлар қоғоз, хат кўринишида етказиларди ва бир нечта босқичларни ўз ичига оларди. Бу эса ортиқча вақт ва қоғозларнинг исроф бўлиши кўп кузатилган. Эндиги сайлов жараёнида эса биргина платформа орқали амалга ошириляпти.
2024 йил 22 сентябрдан номзодларнинг тарғибот-ташвиқот ишлари бошланди. "E-saylov" тизимининг яна бир муҳим жиҳати 2024 айнан шу номзодлар билан, сиёсий партиялар дастурлари билан мазкур платформа орқали ҳар бир сайловчи бемалол танишиш имконига эга бўлди.
— Сайловга боролмайдиганлар онлайн қатнашса бўладими?
— Ўзбекистонда сайлов Қонунчилиги сайлов кодекси умуман сайлов Қонунчилиги нормаларига кўра онлайн овоз бериш тартиби йўқ. Овоз бериш айнан сайлов участкаларида амалга оширилади. Сайловчи анъанавий тарзда ўз сайлов участкаларига бориб, бюллетенларга овозларини белгилаб, сайлов қутиларига ташлайдилар. Онлайн овоз беришмасу, лекин Тошкентнинг айрим сайлов участкаларида электрон овоз беришни синаб кўриш кўзда тутилган. Бу Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланган низом, йўриқномаларга кўра Тошкентдаги айрим сайлов участкаларида электрон овоз бериш қурилмаси тажриба синов тариқасида синовдан ўтқазилади.
Бу ҳам бевосита сайлов участкасига келиб, иштирок этиш билан боғлиқ бўлган ҳолат. Чунки мазкур қурилма фақат сайлов участкасини ўзида бўлади. Сайловчи овоз бергани борганида ўзининг хоҳишига кўра хоҳласа анъанавий, хоҳласа электрон қурилма орқали овоз бериши мумкин бўлади.
—Ўзи сайловлардан асосий мақсад нима?
— Ҳар битта демократик давлатда сайловлар муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳеч кимга сир эмас, яъни сайловчи бирор бир номзодга берадиган овози орқали ўз ишончини билдиради. Бу ишонч мана шу Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига бўладими, ёки маҳаллий кенгаш депутатлиги бўладими, сайловчилар уларга билдирилган ишонч орқали мана шу вакиллик органларига келади. Бу вакиллик органлари эса халқ номидан иш кўради, халқнинг овози, халқнинг хоҳиш иродаси орқали халқ манфаатларига хизмат қиладиган муҳим қарорларни, қонунларни ишлаб чиқади.
Мисол учун, давр ва замон талабига мос бўлган, хос бўлган халқчил бир ислоҳотларни амалга оширишга хизмат қилади. Хуллас, бу орқали ҳақчил қарорлар, ҳақчил норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилади, ва бу бевосита мана шу сайловлардаги сайловчилар хоҳишларига, манфаатларига хизмат қилиши керак.
Шу нуқтаи назардан сайловларнинг туридан қатъий назар, ҳар бир сайлов давлатни ривожлантириш, янада демократлаштириш учун,амалга оширилаётган ислоҳотларни янада ривожлантириш учун муҳим жараён ҳисобланади. Бу муҳим сиёсий жараёнда ҳеч ким четда қолиши керак эмас. Ҳар бир инсон мана шу сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиши керак. Бу демократик жамиятнинг, демократик жараёнларнинг муҳим омили ҳисобланади.
—Жараёнлар тартибли ва адолатли бўлиши учун нималар қилинмоқда?
— Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловларнинг туридан қатъий назар, улар ҳар доим тартибли ва адолатли ўтиши учун бир қатор муҳим ишлар амалга оширилади. Адолатли бўлиши — барча сайлов ташкилотчилари учун муҳим бўлган жараён. Яъни сайлов принципларига кўра сайловлар очиқ ва ошкора ўтказилиши белгиланган. Бу нима дегани? Бу биринчидан, адолат принципи яъни сайловда яширин овоз берилгани билан сайловларни ўтказиш ва натижаларини қайд этиш боғлиқ амалга оширилаётган ишлар барчаси очиқ бўлиши керак. Бу адолат мезони ҳисобланади. Бу орқали сайлов ташкилотчилари ўз фаолиятини очиқ-ойдин баён қилиши керак, эътироф этиши керак.
Сайловларни ташкил этиш, адолатли ўтишида, албатта, сайлов комиссиясининг муҳим ўрни бор.
Жорий сайлов компанияси даврида участка сайлов комиссия аъзолари ўқитилди, яъни 33 мингдан ортиқ участка сайлов комиссияси аъзолари 5 босқичдан иборат тайёргарликдан ўтказилди. Сайловлар адолатли ўтиши учун, сайлов натижаларини адолатли ҳисоб-китоб қилиш, сайлов жараёнларини шаффоф ташкил этишда участка сайлов комиссия аъзолари масъулияти оширилди.
Шу нуқтаи назардан, сайлов комиссияси аъзолари янгиланган сайлов қонунчилиги, янгиланган сайлов нормаларини ўзида мужассам қилган бир қатор видеоқўлланмалар, аудио қўлланмалар, тарқатма материаллар, рисолалар билан таъминланди.
Сайлов пайтида сайлов участкасидаги ҳар битта ҳаракат муҳим аҳамият касб этади. Ҳар битта участка сайлов комиссияси аъзосининг вазифаси алоҳида, бир-бирини тўлдирадиган вазифалар ҳам бор. Шу боис ҳам сайловларнинг адолатли ўтиши учун участка сайлов комиссия аъзоларининг малакаси юқори даражада оширилди. Албатта, бу аъзолар сайлов тажрибасига эга, бир нечта сайлов жараёнларини ўтказган бўлишига қарамасдан барибир ҳар бир сайловда қайта ўқитиш муҳим аҳамият касб этади.
—Сайловларда коррупция бўлиши мумкинми?
— Сайлов комиссиялари томонидан сайлов жараёнларини ташкил этишда коррупция ҳолатларига йўл қўйилмайди. Бу бўйича бу йилга қадар бирорта шикоят ёки мурожаат келиб тушмаган. Ўзи умуман сайлов жараёнларида овоз бериш жараёнларини ташкил этишда бу ҳолатлар қайд этилмайди. Чунки сайлов комиссиялари сайлов жараёнларида умумий овозларни санаб чиқади, уларни тегишли тартибда расмийлаштиради ва тегишли сайлов комиссияларига тақдим этади.
Умуман кўрсаткич ва рақамлар юқорида айтганимиздек, бир-биридан мустақил бўлган ҳолатда сайлов комиссиялари томонидан тўлдирилади. Ва бу рақамлар муҳим аҳамият касб этади. Улар сайлов комиссияси томонидан овоз бериш йўли билан комиссия мажлисида жараёнлар якунлагандан сўнг тегишли тартибда расмийлаштирилади ва тасдиқланади.
Шу нуқтаи назардан овоз бериш жараёнларида, сайлов жараёнларида жараёнларида коррупция ҳолатларига йўл қўйилмайди.
—Сайловчилар нималарни билиши керак?
— Авваламбор, сайловчилар бу йил бўлиб ўтадиган сайлов моҳиятини аниқ англаб етиши керак. Бу сайлов орқали биз нафақат парламентни, балки маҳаллий кенгаш депутатларини сайлаймиз.
Юқорида айтганимиздек, янги сайлов тизими аралаш тизим орқали парламентни шакллантирамиз. Қолган маҳаллий депутат кенгашларини эса ўз йўлида яъни номзодларга овоз бериш йўли билан сайлаймиз. Бу йил сайловчиларимиз аввалги йиллардан фарқли жиҳатдан сайловчилар сайлов участкасига борганда уларга 4 та бюллетенть тақдим қилинмоқда.
Биринчи бюллетенимиз оч ҳаворанг бўлади, бу бир мандатли сайлов округи бўйича. Биз айнан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловида бир мандатли сайлов округи бўйича айни бир кўрсатилган шахсларга овоз берамиз. Иккинчи бюллетинимиз оч яшил рангда бўлади. Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 75 нафарга бўлинган партия рўйхати бўйича сайлаш учун ягона сайлов округи бўйича овоз берамиз. Бунда биз номзодларга эмас, балки сиёсий партияларга овоз берамиз. Ушбу бюллетенда сиёсий партиялар рамзи ва номлари туширилган бўлади.
Учинчи оч сариқ рангли бюллетенда вилоят ва шаҳар кенгашлигига номзодларга овоз берилади. Унда номзодлар кўрсатилган бўлади.
Ва охирги тўртинчи бюллетенда туман кенгаши депутатлигига номзодлар рўйхати бўлади маълум бир округлар кесимида.
Сайловчилар 2019 йилги охирги бўлиб ўтган парламент сайловларидагига нисбатан битта бюллетень кўпроқ олишади. Ҳар битта бюллетень сайлов турига хос бўлади. Ранглар ҳам шунга кўра алоҳида-алоҳида қилинган. Сайловчи овоз бериш жараёнларини амалга оширишда қайси сайлов тури бўйича овоз бераётганини янада англаб етиши учун.
Шу ўринда овоз бериш тартибини ҳам маълум қилиб ўтишимиз керак. Сайловчи сайлов бериш куни маҳаллий вақт билан 8:00 дан кечки 20:00 гача бўлган вақтда амалга оширилади. Хорижда ташкил этилган сайлов участкалари ҳам ўз маҳаллий вақти билан шу тартибда овоз бериш жараёнини амалга оширади. Сайловчи овоз бериш учун сайлов участкасига келгандан сўнг шахсни тасдиқловчи ҳужжатни сайлов комиссияси аъзосига кўрсатади. Участка сайлов комиссияси аъзоси ўша жойдаги навбатдагисайлов комиссияси аъзосига йўналтиради. Мазкур комиссия аъзоси сайловчини сайловчилар рўйхатида бор ёки йўқлигини текширади. Албатта, агар бор бўлса рўйхатдаги сайловчининг тартиб рақамини маълум қилади, яъни сиз шу рақамли сайловчилар рўйхатида турибсиз дейди. Ўша рақамни сайлов бюллетенини берувчи сайлов комиссияси аъзога айтади ва унга тегишли тартибда бюллетен берилади.
Сайловчи эса бюллетенни олганлиги тўғрисида имзони қўяди. Сайлов бюллетенини олгандан кейин белгиланган тартибда бюллетенни яширин сайлов хонасида тўлдиради. Сайлов хонасида бюллетен тўлдириш жараёнида сайловчидан бошқа шахс бўлиши мумкин эмас. Бу алоҳида муҳим аҳамият касб этадиган жиҳат.
Сайловчилар сайлов бюллетенини тўлдириш жараёнида ёки тўлдириб бўлгандан кейин уни суръатга, видеога олишлари ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқатишлари мумкин эмас. Сайловчи белгиланган тартибда ўзи ёқлаб овоз бераётган номзод, партияни ёқлаб овоз бераётган бўлса ўнг томонда жойлашган квадратга +, икс ёки тасдиқ белгисини қўяди. Тўлдирилган сайлов бюллетинини эса иккига буклаб ёпиқ ҳолда овоз бериш қутисига ташланади.
Албатта, бир нарсага эътибор бериш керак, фақат битта белги қўйилиши лозим. Мисол учун, 5 нафар номзод бўладиган бўлса, фақат бир номзодгагина тегишли учта белгидан биттаси қўйилади. Агар бир нечта номзодларга ушбу белгилар қўйилса, қанақадир ишоралар, ёзувлар ёзилса бу сайлов бюллетенлари бузилган сайлов бюллетенлари ҳисобланади. Ва бу овозлар сирасига киритилмайди, яъни ҳисобланмайди.
Мафтуна Жўраева суҳбатлашди