Ўзбекистонда никоҳ ёшига етмаган шахслар билан никоҳ муносабатларига киришиш, уларни турмушга бериш ёки уйлантириш, шунингдек, никоҳни давлат рўйхатидан ўтказмасдан диний никоҳ маросимини ўтказганлик учун жарималар оширилди. Буни назарда тутувчи қонун Президент томонидан имзоланди.
Янги қонунга кўра, никоҳ ёшига етмаган шахс билан амалда никоҳ муносабатларига киришганлик учун жарима миқдори 10 баравардан 15 бараваргача базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) этиб белгиланди. Илгари бу миқдор 5 баравардан 10 бараваргача бўлган.
Шунингдек, никоҳ ёшига етмаган шахсни ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан турмушга бериш ёки уйлантириш учун 20 баравардан 25 бараваргача БҲМ миқдорида жарима солинади. Аввал жарима 7 баравардан 15 бараваргача БҲМни ташкил этган.
Никоҳи давлат рўйхатидан ўтказилмаган шахслар ўртасида, жумладан, никоҳ ёшига етмаган шахс иштирокида диний никоҳ маросимини ўтказганлик учун ҳам жазо кучайтирилди. Эндиликда бундай ҳолат учун 30 баравардан 50 бараваргача БҲМ миқдорида жарима белгиланган. Илгари жарима 15 баравардан 30 бараваргача БҲМ бўлган.
Қонун никоҳ ёши ва никоҳ тузиш тартибига оид қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутади.






