Туркиянинг Истанбул, Ялова ва Кожаэли вилоятларида кучли ёмғир ва шамол сабабли сув тошқинлари хавфи юзага келиши мумкин. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ушбу ҳудудларда яшаётган ва вақтинча бўлиб турган ўзбекистонликларни эҳтиёт чораларига риоя қилишга чақирди.
Бош консулхона маълумотига кўра, ноқулай об-ҳаво шароити сув тошқинлари, йўлларда ҳаракатланиш қийинлашиши ва бошқа фавқулодда ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.
Шу муносабат билан фуқароларга зарурат бўлмаса, узоқ масофаларга сафар қилмаслик, кучли ёғингарчилик вақтида сув тўпланиши мумкин бўлган пастқам ҳудудлар, ерости йўллари ва тоннеллардан узоқроқ юриш тавсия этилган.
Шунингдек, денгиз соҳиллари, дарахтлар, электр узатиш тармоқлари ва мустаҳкам ўрнатилмаган конструкциялар яқинида эҳтиёткор бўлиш, автомобил бошқаришда тезликни пасайтириш ҳамда хавфсиз масофани сақлаш сўралган.
Бош консулхона ўзбекистонликларни Туркиянинг ваколатли идоралари томонидан берилаётган расмий огоҳлантиришларни кузатиб боришга, шахсий хавфсизлиги ва яқинларининг саломатлигига алоҳида эътибор қаратишга чақирган.






