Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида навбатдаги брифинг бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Ш.Аминов сайлов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқларини, шунингдек, қонунийликни таъминлаш бўйича йўлга қўйилган ишлар юзасидан маълумот берди.
Қайд этилганидек, қонунийликни таъминлаш, сайловга оид келиб тушган мурожаатларни тезкор, холис ва қонуний кўриб чиқилишини таъминлаш борасида прокуратура органлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилган.
Бош прокуратурада халқаро кузатувчилар билан учрашувлар ташкил қилинди. Марказий сайлов комиссияси билан мунтазам алоқалар йўлга қўйилган.
Прокуратура органларига бугунга қадар сайлов масаласига оид 6 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 2 таси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловига, 4 таси эса маҳаллий Кенгаш депутатлари сайловига оид.
Қайд этилганидек, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда сайловга оид эълон қилинган хабар ва маълумотлар ҳам кузатиб борилди ва сайлов қонунчилиги бузилмагани аниқланди.