Меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини текширишнинг янги тартиби жорий этилади.
Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан текширув бошланган пайтдан Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан текширувлар ўтказилади.
Оилаларни камбағалликдан чиқариш дастури бошланади.
"Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури ишга туширилади, у "Камбағал оилалар учун етти имконият ва масъулият" тамойили асосида амалга оширилади. У қуйидагиларни назарда тутади:
ҳар бир маҳаллага етакчи тадбиркорларни жалб қилиш, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, камбағал оилаларга қўшимча 50 минг гектар экин майдонларини ижарага бериш;
парваришга муҳтож шахсларни ҳар куни йўқлаш асосида патронажни, болаларни тарбиялаш ва кундузги парвариш хизматларини йўлга қўйиш;
ипотека тизимидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, замонавий "яшил" турар жой бинолари қуриш ёки реконструкция қилиш ва бошқалар.
100 млн сўмгача гаровсиз кредитларни қайта молиялаш ставкалари кучга киради.
Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлашнинг комплекс дастури доирасида 100 млн сўмгача гаровсиз микрокредитлар кичик тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтган ва фаолият юритаётган ҳудудлар тоифасидан келиб чиқиб, микрокредит берувчиларга қуйидаги ставкаларда қайта молияланади, хусусан:
5-тоифага – 12,5%;
4-тоифага – 13,5%;
3-тоифага – 14,5%;
2-тоифага – 17%;
1-тоифага – 18%.
Электр энергияси учун тўловларни қабул қилишга чекловлар:
Чиқиндилар билан ишлаш хизматлари учун тўлов тўланмаган тақдирда (электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланмаган ҳудудлар бундан мустасно) абонентлардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилишга вақтинчалик чеклов киритилади.
Эски намунадаги акциз маркали спиртли ичимликлар ва тамаки олиб қўйила бошлайди
Солиқ ва Божхона қўмиталари эски намунадаги акциз маркали маҳсулотларни аниқлаш ва олиб қўйишни бошлайди.
"Энг тоза маҳалла" танлови бошланади.
Ноябрдан январгача туманлар, вилоятлар ва республика даражасида "Энг тоза маҳалла" танлови ўтказилади, унинг натижаларига кўра 14 та ғолиб маҳалла тақдирланади. Экология жамғармаси ҳисобидан уларга чиқинди йиғиш майдончалари қуриш, маҳалланинг ижтимоий объектларида чиқинди йиғиш контейнерларини ўрнатиш ва дарахт экиш учун маблағ ажратилади. Шунингдек, ғолибларга хизмат фойдаланиши учун биттадан электромобиль берилади.