2024/2025 ўқув йили учун ОТМларнинг магистратурасига қабул квотаси доирасида талабаликка тавсия этилмаганларни қабул қилишга рухсат берилди. Бу тўғрисида Давлат комиссиясининг тегишли баёни имзоланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, энди республика ОТМларнинг магистратура мутахассисликларига қабул жараёнида талаб даражасидаги хорижий тил сертификатига эга бўлиб, қабул квотаси доирасида талабаликка тавсия этилмаган талабгорлар олийгоҳлар томонидан белгиланадиган базавий тўлов-контракт миқдорининг 2 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдордаги тўлов-контракт асосида қабул қилинади.
Қўшимча қабул асосида ўқиш истагини билдирган талабгорлар бевосита ОТМ қабул комиссиясига мурожаат қилиши керак.