Тошкент туманидаги хонадонлар ва бир қатор ташкилотларда табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда "Тошкенттумангаз" хабар берди.
Таъкидланишича, ҳудуддаги 42 948 та хонадон, 610 та улгуржи ташкилот ва 41 та ижтимоий соҳа объектларида 30 октябрь куни соат 8:00 дан ишлар якунлангунга қадар газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилади.
Бу вақтда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан бир меъёрда таъминлаш мақсадида газ тармоқларидаги ёзги диафрагмаларни қишки диафрагмаларга алмаштириш ишлари олиб борилиши белгиланган.
"Тошкенттумангаз" газ таъминоти бўлими келтирилаётган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.
Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур хабар юзасидан расмийларга мурожаат қилган. У таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун ҳарорат деярли нолга яқинлашадиган кунлар танланганининг сабабини сўраган.
"Хўп, ёзги диафраграмани қишкисига алмаштиришмоқчи экансизлар, шу пайтгача, масалан, ўтган ҳафта, ҳарорат 20 даражадан юқори кунларда нима қилдинглар? Нега айнан кузнинг энг совуқ кунини танладинглар?" — деб ёзади блогер.
Бакиров, шунингдек, ходимлар бу кунларда ишларни амалга оширишга улгурмади деган тахмин бўлган тақдирда ҳам, келаётган дам олиш кунларида, яъни ҳарорат яна 20 даражагача кўтариладиган вақтда таъмирлаш ишлари олиб боришга нима тўсқинлик қилганини сўраган.