Тошкентнинг Олмазор туманидаги кўп қаватли уй хонадонларидан бирида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт ФВБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 31 октябрь куни соат 02:13 да "Чинобод" МФЙ Сағбон 30-берк кўчасида жойлашган 5-уйдаги хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлган.
ФВБга келиб тушган хабарга асосан ёнғин-қутқарув экипажлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни қисқа вақт ичида бартараф этишган.
Ҳодиса оқибатида хонадоннинг тахминан 10 метр квадрат майдонда ички қисми ёниб зарарлангани ва хонадонда яшовчи 1950 йилда туғилган фуқаро ҳалок бўлгани аниқланган.
Оила аъзоларининг сўзларига кўра, 1950 йилда туғилган фуқаро инсульт касаллигига учраган ва шу сабабли ҳаракатлана олмагани учун охирги йиллари оила аъзолари назоратида ётоқ ҳолатида бўлган.
Бирламчи маълумотларга кўра, ҳалок бўлган фуқаро ётоқ жойида тамаки маҳсулотини чекиши сабабли ёнғин содир бўлгани тахмин қилинмоқда.
Ҳозирги вақтда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдорини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.