Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида 29 октябрь куни оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда "Овоза" кўрсатувида хабар берилди.
Маълум қилинишича, шу куни соат 02:20 атрофида ҳайдовчи маст ҳолатда Lacetti русумли автомашинани бошқариб бораётиб, йўл четидаги каналга тушиб кетган.
Оқибатда машинанинг орқа қисмида ўтирган икки нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна бир нафар йўловчи эса шифохонада вафот этган. Улар 21−22 ёшда бўлган.
Тирик қолган ҳайдовчи ва яна икки йўловчига бош мия, кўкрак қафаси қисилиши, сувда чўкиш каби ташхислар қўйилган.
Ҳалокат беш метр кенгликдаги ички тупроқ йўлда содир бўлган. Ушбу йўл ёритиш қурилмалари билан жиҳозланмаган ва йўл белгилари ўрнатилмаган, дейилади хабарда.
Юз берган воқеа юзасидан Беруний туман ИИБ тергов бўлинмаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.