АсосийЖамият

ДХХ 4 та ҳудудда Тожикистондан келтирилган наркотик моддаларни мусодара қилди

Ушланган шахсларнинг барчасига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

'ДХХ 4 та ҳудудда Тожикистондан келтирилган наркотик моддаларни мусодара қилди'ning rasmi

Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида ўтказилган тезкор тадбирда, 1996 йилда Навоий вилоятида туғилган шахснинг вақтинчалик яшаш манзилидан 1 кг. 995 гр. “героин” моддаси, 143 гр. “Мефедрон” ҳамда 3 литр суюқ “Мефедрон” синтетик наркотик, қадоқлаш воситалари, электрон тарози ва бошқа ускуналар олинди

Шунингдек, мазкур шахс томонидан мижозларга сотиш мақсадида Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ тумани ҳудудидаги хуфия жойларга яшириб кетилган 6 та закладкалардан жами 1 кг. 296 гр. “Мефедрон” ҳам олинди.

Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари қозоғистонлик ва тожикистонлик наркосавдогарлар томонидан контрабанда йўли билан мамлакатимизга етказиб берилган.

Бошқа ҳолатда эса “Самарқанд-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган “Нексия” русумли автомашина Сирдарё вилоятининг “Сирдарё” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. 

Натижада унда йўловчи сифатида кетаётган Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшовчи, 1979 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахсга тегишли 1 кг. 641 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. 

Терговга қадар текширув давомида, у наркотик моддани Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1979 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланганлиги учун судланган фуқародан 10 минг АҚШ долларига сотиб олганлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинди. 

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида кузатилган ҳолатда, Тошкент вилоятининг Бекобод туманида истиқомат қилувчи, 1960 й.т. шахс Тожикистондан келтирилган 901 гр. “опий” моддасини 8 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди. 

Таъкидлаш лозимки, мазкур шахс муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиб, жазо ўтаган бўлсада, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.

ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1989 й.т. шахс бошқарувидаги “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси Кўкдала туманидаги “Умакай” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. 

Натижада, автомашинанинг орқа ўриндиғи остига Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 265 гр. “опий” ва 1 кг. “гашиш” гиёҳвандлик воситалари яшириб қўйилганлиги аниқланди. 

Бу йўналишда ДХХ Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказиб, Тожикистондан олиб келинган гиёҳвандлик воситаларининг вилоят ҳудудида сотилишига чек қўйишди.

Жумладан, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1964 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари сотганлиги учун 2 маротаба судланган шахс Урганч шаҳрида ушланиб, унинг қўл сумкасида бўлган 989 гр. “опий” моддаси тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди. 

Бошқа ҳолатда эса “Сурхондарё-Хоразм” йўналишида ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автотранспорт воситаси Тупроққалъа туманида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Денов туманида яшовчи, 1957 й.т. фуқаро ҳамда унинг 1990 й.т. келинидан 993 гр. “гашиш” моддаси олинди. 

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар