АсосийДунё

Бразилияда эркак Олий суд биноси яқинида ўзини портлатди

Портлаш ёлғиз шахс томонидан амалга оширилгани, гуруҳ томонидан режалаштирилган теракт эмаслиги билдирилган.

'Бразилияда эркак Олий суд биноси яқинида ўзини портлатди'ning rasmi

Бразилияда пойтахтидаги Олий суд биноси яқинида 13 ноябрь куни эркак ўзини портлатиб юборди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Маълум қилинишича, 20 дақиқалик интервал билан жами иккита портлаш кузатилган. Биринчиси маҳаллий вақт билан соат 19:30 да содир бўлган. Дастлабки портлаш бино ёнидаги автотураргоҳда турган машинада юз берган.

Кейин бир киши Олий суд биносига киришга уринган, бироқ кира олмаган ва иккинчи портлаш содир бўлган, деди Федерал округ губернатори ўринбосари Селина Леао. 

Оқибатда эркак вафот этган. Портлаш содир бўлган ҳудудда ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти муассасалари жойлашган. Сенатда ўша пайтда ялпи мажлис бўлиб ўтган, кейинроқ у тўхтатилган.

Марҳумнинг шахси Франциско Вандерли Луис экани маълум. 59 ёшли эркак 2020 йилда ўзи яшаган Рио-ду-Сул шаҳрида Либерал партиянинг шаҳар кенгаши депутатлигига номзод бўлган. У воқеа содир этишидан олдин WhatsAppъда портлаш режасини батафсил баён қилган ва полицияни 72 соат вақти борлигидан огоҳлантирган.

Биринчи портлаш содир бўлган автотураргоҳдаги машина ҳам Луисга тегишли, деди Леао.

У портлашлар ёлғиз шахс томонидан амалга оширилгани, гуруҳ томонидан режалаштирилган теракт эмаслигини билдирди.

Бразилиядаги портлашлар йирик халқаро тадбир — 18-19 ноябрь кунлари Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган G20 саммитидан беш кун олдин содир бўлди.

    Бошқа янгиликлар