АсосийДУНЁ

Ҳусийлар Саудия Арабистонидан 51 миллиард доллар товон пули талаб қилди

Маълум қилинишича, Қизил денгизда нефть танкерларига қилинган ҳужумлар ва Боб ал-Мандоб бўғози яқинидаги Ал-Муха шаҳрининг эгалланиши ортидан Саудия Арабистони ҳусийлар билан музокаралар олиб боришга уринган.

'Ҳусийлар Саудия Арабистонидан 51 миллиард доллар товон пули талаб қилди'ning rasmi

Ямандаги ҳусийлар ҳаракати Саудия Арабистонига қарши ҳужумларни тўхтатиш эвазига Ар-Риёдга бир қатор шартларни қўйди. Улар орасида 51 миллиард доллар товон пули тўлаш ва Ямандаги ҳусийлар ҳокимиятини расман тан олиш талаби ҳам бор. Бу ҳақда "The Wall Street Journal" нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, Қизил денгизда нефть танкерларига қилинган ҳужумлар ва Боб ал-Мандоб бўғози яқинидаги Ал-Муха шаҳрининг эгалланиши ортидан Саудия Арабистони ҳусийлар билан музокаралар олиб боришга уринган. Ар-Риёд можарони тугатиш имкониятларини ўрганиб, ҳаракат томонидан илгари сурилаётган шартларни аниқлашга ҳаракат қилган.

Ҳусийлар талаб қилаётган 51 миллиард доллар кўп йиллик ҳарбий зарбалар ва қамал оқибатларини бартараф этиш, шунингдек, Яманни қайта тиклаш учун сарфланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ҳаракат Саудия Арабистонидан халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Яман ҳукуматини қўллаб-қувватлашни тўхтатишни ҳам талаб қилмоқда.

Ар-Риёд ҳарбий операциядан хавотирда

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ҳарбий устунликка эришмасдан туриб ҳусийлар шартларини қабул қилишга тайёр эмас. Подшоҳлик расмийлари бундай ён бериш ҳаракатни келгусида яна ҳужумлар уюштиришга ва қўшимча маблағ талаб қилишга рағбатлантириши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Бироқ ҳарбий ҳаракатларни кенгайтириш ҳам Ар-Риёд учун жиддий хавф туғдиради. Хусусан, Яманда йирик қуруқлик операциясини ўтказиш кўплаб ҳарбийларнинг ҳалок бўлишига, шунингдек, Саудия Арабистонининг ўзида норозиликлар кучайишига олиб келиши мумкин.

Нашр маълумотларига кўра, уруш давомида ўнлаб саудиялик ҳарбийлар ҳалок бўлган. Бироқ бу йўқотишлар расман ошкор этилмаган.

Муҳаммад бин Салмон Яманга қўшимча ҳарбий кучларни юбориш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан жиддий хавотирда.

    Бошқа янгиликлар