АсосийДУНЁ

Туркиядаги қуролли ҳужум оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди

Айни вақтда тергов доирасида ҳужумнинг сабаблари, гумонланувчининг мақсадлари ва воқеанинг бошқа тафсилотлари аниқланмоқда.

'Туркиядаги қуролли ҳужум оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди'ning rasmi

Ҳалок бўлганлар орасида икки нафар ўқитувчи ҳам бор. Яна бир киши оғир жароҳатланган.

Туркиянинг Афёнкараҳисар вилоятида содир бўлган қуролли ҳужум оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди. Ҳодиса юзасидан кенг қамровли тергов ҳаракатлари бошланган. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.

Афёнкараҳисар вилояти губернаторлиги маълумотига кўра, ҳужум 5 ноябрь куни кечқурун вилоятнинг учта қишлоғида содир бўлган. Қурбонларнинг жасадлари Ихсание туманидаги Юкаритандир, Кийир ва Аязини қишлоқларидан топилган.

Анадолу ахборот агентлиги хабар беришича, Юкаритандир қишлоғидаги йўлда ўқотар қуролдан жароҳатланган икки нафар аёл аниқланган. Улар шифохонага олиб кетилганига қарамай, вафот этган. Кийир қишлоғида яна уч кишининг, Аязини қишлоғида эса уч кишининг жасади топилган. Ҳалок бўлганлар орасида икки нафар ўқитувчи ҳам бор.

Вилоят губернаторлиги баёнотида ҳужум оқибатида жами саккиз нафар фуқаро ҳалок бўлгани, яна бир киши оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилгани тасдиқланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчи насосли милтиқдан фойдаланган ва воқеа жойидан қизил автомобилда қочиб кетган. Шундан сўнг жандармерия ҳодиса содир бўлган ҳудудлардаги кириш ва чиқиш йўлларини назоратга олиб, гумонланувчини қидириш бўйича махсус операция бошлаган.

Кейинчалик Эскишеҳир вилояти губернаторлиги гумонланувчи шаҳарда қўлга олинганини маълум қилган.

Айни вақтда тергов доирасида ҳужумнинг сабаблари, гумонланувчининг мақсадлари ва воқеанинг бошқа тафсилотлари аниқланмоқда.

    Бошқа янгиликлар