АсосийДУНЁ

Тошкент вилоятида фуқароларга қарз бериб, 10 баравар кўп пул талаб қилган шахс ушланди

Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

'Тошкент вилоятида фуқароларга қарз бериб, 10 баравар кўп пул талаб қилган шахс ушланди'ning rasmi

Тошкент вилоятида фуқароларга пул қарз бериб, эвазига қарз суммасидан 10 баравар кўп миқдорда тилхат ёздириб олган шахс қўлга олинди. Унинг уйи ва иш офисидан 100 га яқин тилхат, 55 та уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари ҳамда пневматик қурол топилди.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси маълумотига кўра, 1978 йилда Олмалиқ шаҳрида туғилган Ким Павел Леонидович фуқароларга ўз маблағлари ҳисобидан қарз бериб келган. Бироқ у қарз сифатида берилган пулдан 10 баравар кўп маблағни олгани ҳақида тилхат ёздириб олган.

Масалан, у фуқаролардан бирига 1 минг АҚШ доллари қарз бериб, эвазига 10 минг доллар олгани ҳақида тилхат расмийлаштирган.

Орадан маълум вақт ўтгач, Ким ушбу тилхатни асос қилиб, фуқаролик судларига мурожаат қилган ва қарздордан тилхатда кўрсатилган маблағни ундириш бўйича суд қарорларига эришган.

Шу тариқа, у жабрланувчиларнинг ойлик иш ҳақларини суд ҳужжатлари асосида ўзлаштириб, уларнинг мулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига кўп миқдорда зарар етказган.

Жиноят иши доирасида гумонланувчининг яшаш хонадони ҳамда иш офиси кўздан кечирилган. Натижада фуқароларга тегишли 100 га яқин тилхат, 55 та уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари, бир дона пневматик қурол ва Мажбурий ижро бюросининг қарийб 50 нафар фуқародан пул ундиришга оид ҳужжатлари аниқланган.

Ҳозирга қадар Ким Павел Леонидовичдан жабр кўрган 65 нафар фуқаронинг аризаси қабул қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик), 188-моддаси 1-қисми ҳамда 205-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

У процессуал тартибда ушланган. Суд қарори билан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар