Туркияга ўз холасининг қизи томонидан алдов йўли билан олиб борилган одам савдоси қурбони Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақида Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 10 ноябрь куни Бош консулхонага 2004 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Ф.Ҳ. мурожаат қилиб, холасининг қизи А.М. томонидан Туркиянинг Муғла вилояти “The Pera Hotel Marmaris” меҳмонхонасида пул эвазига фоҳишалик билан шуғуллантириш мақсадида зўрлик билан ушлаб турилганини маълум қилган ва озод қилинишида ёрдам сўраган.
Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан мазкур ҳолатга алоқадор бўлган ва Туркияда одам савдоси билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қиз кеча, 15 ноябрь куни Ўзбекистонга қайтарилган.