АсосийЖамият

Болалар омбудсмани Самарқандда жинсий зўравонликка учраган қиз билан учрашди

Мазкур иш доирасида 8 нафар гумонланувчи процессуал тартибда ушланиб, уларга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Яна 1 нафари эса қидирилмоқда.

'Болалар омбудсмани Самарқандда жинсий зўравонликка учраган қиз билан учрашди'ning rasmi

Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида гуруҳли жинсий зўравонлик қурбони бўлган ўқувчи қиз ва унинг онаси билан учрашди.

Ҳозирда мазкур жиноят иши Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан тергов қилинмоқда, унинг доирасида 8 нафар гумонланувчи процессуал тартибда ушланиб, 13 ноябрь куни уларга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Яна 1 нафар гумонланувчига қидирув эълон қилиниб, уни фош этиш тезкор чоралари кўрилмоқда.

Болалар омбудсмани матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов давомида жабрланувчи қизнинг процессуал ҳуқуқлари таъминланиши даражаси, хусусан, мазкур терговда боланинг қонуний вакили, педагог ва адвокатнинг иштироки масаласи ўрганилди.

Шунингдек, тергов ходимларига тергов ва процессуал ҳаракатларнинг қиз учун дўстона ўтказилиши ва қўшимча травматик тарзда бўлишига йўл қўймасликка оид тавсиялар берилди.

Қайд этилишича, ҳозирда қизга зарур бўлган комплекс тиббий, психологик ва ижтимоий кўмак чоралари кўришга киришилди.

Қизнинг онаси билан суҳбатда эса аёл ОАВ вакиллари ва жамоатчиликдан ушбу жиноят тафсилотларини эълон қилмасликни сўраб, ҳар бир шундай хабар қизига ва оиласига катта руҳий зарба бўлаётганини айтган.

“Мазкур иш жинсий жиноятга оид эканлиги ҳамда вояга етмаганнинг шахсий ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматига дахлдорлиги муносабати билан жиноят иши тафсилотларини ошкор этилиши, шу жумладан, ОАВда кенг ёритилиши бола манфаатларига зид эканлигини яна бир бор эслатамиз” дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар