Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 7 ёшли мактаб ўқувчиси вафот этди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса жорий йилнинг 12 ноябрь куни соат 8:00 да Бандихон тумани Чинор маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4R-100 автомобиль йўлининг 98-километрида рўй берган. 1992 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувида бўлган Nexia “Бандихон-Қизириқ” йўналишида ҳаракатланиб келиб, йўлнинг белгиланмаган жойидан югурган ҳолда кесиб ўтаётган 2017 йилда туғилган вояга етмаган болани уриб юборган. Оқибатда бола олган тан жароҳатлари билан туман шифохонасида вафот этган.
Хабарга кўра, бола тумандаги 9-мактабнинг 1-синф ўқувчиси бўлган. ЙТҲ ортидан бола ўқийдиган мактабда ЙҲХБ мутасаддилари, маҳалла аҳолиси, вафот этган боланинг ота-онаси иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилган.






