Жорий йилнинг 19 ноябрь куни ИИВ ва ТИВ ходимлари кўмагида Тошкентга Россиядан 13 ёшли қизалоқ олиб келинди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, қиз 6 ёшида онаси билан бирга Россия Федерациясига доимий яшаш учун кўчиб кетган. Қиз ва унинг онаси йиллар давомида турли қийинчиликларга учраган. Онасининг ҳаёти янги жойда ўнгланмагани сабабли на уй-жой, на доимий иш топилган. Ҳатто, қиз шу вақтгача мактаб таълимига жалб қилинмаган.
Шунингдек, қиз узоқ вақт давомида назоратсиз қолган ва маҳаллий полиция рейди давомида реабилитация марказига жойлаштирилган.
19 ноябрь куни халқаро келишувлар асосида, Москва вилояти Сергиев Посаддаги "Надежда" ижтимоий маркази ходимлари кузатувида, тунги рейс орқали қиз Ўзбекистонга қайтарилди.
"Қизнинг қайтарилишидан олдин Агентлик ҳудудий бошқармаси унинг хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўрди. Қизчани вақтинча қабул қилиб оладиган ва уни таълимга йўналтириш билан шуғулланадиган оила тайёрланди. Бу оила қизалоқ онаси билан қайта кўришгунгача унга ғамхўрлик қилади", дейилади хабарда.