Маълум қилинишича, Сергели туманида икки нафар шахс Ички ишлар органларининг формасини кийган ҳолда ўзларини шубҳали тутаётганлари ҳақида хабар келиб тушган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати хабар қилди.
Олинган маълумот асосида мазкур икки нафар шахс ушланиб, суриштирув олиб борилган. Натижада улар ички ишлар органлари ходими эмаслиги аниқланган.
Холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ушбу шахслар олдидан кучли таъсир қилувчи моддага ўхшаш моддалар топилиб, далилий ашё сифатида олинган.
Ушбу шахслар ҳолатни қуйидагича изоҳлади.
"Мен бу ички ишлар ходимини формаси эканлигини билмагандим. Минг бор пушаймонман, сизларга ҳам маслаҳат бермайман".
"Мазкур икки фуқаро олдидан топилган дорилар экспертизага топширилди. Уларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилди ва қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади",- дейилади хабарда.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ фуқаролардан агар мазкур шахслардан жабр кўрган бўлса, +9989 98 369 11 02 рақамига мурожаат қилишини сўради.