21 ноябрь куни Тошкент аэропортида Саудия Арабистони "Flyadeal" авиакомпаниясининг келган биринчи рейси кутиб олинди. Бортида 320 нафар йўловчи бўлган самолёт Тошкент вақти билан соат 23:40 да пойтахтга қўнди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” аксиядорлик жамияти ахборот хизмати хабар қилди.
Анъанага кўра, самолёт сув аркаси, экипаж эса гуллар билан кутиб олинди. Биринчи рейсни тантанали кутиб олиш маросимида "Uzbekistan Airports" акциядорлик жамияти вакиллари, оммавий ахборот воситалари ҳамда авиаспоттерлар иштирок этди.
Жидда – Тошкент – Жидда йўналиши бўйича мунтазам равишда тўғридан-тўғри рейслар Airbus А330 самолётларида ҳафтасига беш марта душанба, чоршанба, пайшанба, жума ва якшанба кунлари амалга оширилади.
1 декабрдан бошлаб самолётлар шу йўналишда ҳар куни парвоз қилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, 15 декабрдан бошлаб "Flyadeal" Жиддадан Наманганга ҳам парвозларни йўлга қўяди.