Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси генерал-лейтенант Абдусалом Азизов ўз лавозимидан озод этилди.
Абдусалом Азизов (1960 йилда туғилган) 2019 йил февралидан буён Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимида ишлаб келаётганди. Бунгача у 2017 йилнинг сентябридан Мудофаа вазирлигини бошқариб келган.
Баҳодир Низомович Қурбонов Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси этиб тайинланди.
Баҳодир Қурбонов 2019 йил 11 февралдан бери Ўзбекистон мудофаа вазири лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
У 1987 йилдан 1989 йилгача муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. 1990 йилда Ўзбекистон ИИВ Олий тергов мактабига, 1992 йилда эса Ўзбекистон ИИВ Олий мактабига ўқишга кирган.
2002−2005 йилларда Жиззах тумани ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган. 2005 йилда Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ИИБ бошлиғи лавозимига ўтган. 2008 йилда Ўзбекистон ИИВ Патруль-пост хизмати бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллади. Шу йилнинг ўзида Наманган вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланган.
2013 йил 24 декабрдан 2015 йил 27 декабргача Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. 2015 йилда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи этиб тайинланган. 2017 йил 14 январда генерал-майор унвонига сазовор бўлган.
2018−2019 йилларда Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони лавозимида фаолият юритган. 2021 йил январь ойида унга генерал-лейтенант унвони берилган.