Владимир Путин ва Масуд Пезешкиён орасида телефон суҳбати бўлиб ўтди, дея хабар қилди Россия президенти матбуот хизмати.
Эрон томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган суҳбатнинг асосий мавзуси Сурия бўлган.
"Путин ва Пезешкиён Сурия қонуний ҳокимиятининг ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлашларини билдиришди. Қуролли гуруҳларнинг тажовузкорлиги Сурия суверенитети ва барқарорлигига путур етказишга қаратилган", дейилади Россия президенти матбуот хизмати баёнотида.
Шунингдек, Туркия иштирокида Остона формати доирасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Сурияда президент Башар Асад ҳукумат кучларига қарши курашаётган исёнчи гуруҳлар ҳужум бошлади. Улар уч кун ичида Ҳалаб марказига етиб олишга муваффақ бўлишди.