АсосийДУНЁ

Россияда ФВВ иловаси орқали "ядровий ҳужум" ҳақида сохта огоҳлантириш тарқатилди

Шунингдек, Киевда кўча жанглари бошланиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар тарқатилган.

'Россияда ФВВ иловаси орқали "ядровий ҳужум" ҳақида сохта огоҳлантириш тарқатилди'ning rasmi

1 ноябрь куни кечқурун Украинанинг аҳолини хавф-хатардан огоҳлантириш учун мўлжалланган расмий "Ҳаво тревогаси" иловаси киберҳужумга учради. Ҳужумдан сўнг фойдаланувчиларга радиациявий ва кимёвий хавф ҳақида ёлғон билдиришномалар келиб тушган. Шунингдек, Киевда кўча жанглари бошланиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар тарқатилган. Бу ҳақда DW хабар берди.

Ҳодисага биринчи бўлиб Украина Ҳаво кучлари муносабат билдирди. Ҳарбийлар илова «душман таъсири»га учраган бўлиши мумкинлигини маълум қилиб, мамлакатда радиациявий хавф мавжуд эмаслигини таъкидлади.

Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати эса умумдавлат огоҳлантириш тизими одатий тартибда ишлаётганини билдирди. Қайд этилишича, таҳдидлар ҳақидаги сигналлар вилоят маъмуриятлари ва кўчалардаги огоҳлантириш тизимларига узатилган.

Кейинчалик илова ишлаб чиқувчилари ҳам тизимга рухсатсиз кирилганини тасдиқлади. Улар push-билдиришномаларни ўчириб, илова фаолиятини вақтинча тўхтатган. Шунингдек, фойдаланувчиларга шубҳали хабарлардаги ҳаволаларга ўтмаслик тавсия қилинган.

2 ноябрга ўтар кечаси ишлаб чиқувчилар киберҳужумдан кейин хизмат фаолияти босқичма-босқич тикланаётганини маълум қилди. Фойдаланувчилар яна ҳаво ҳужуми хавфи ҳақида огоҳлантиришлар ола бошлаган, бироқ айрим функциялар вақтинча ишламаган.

Ишлаб чиқувчилар илова фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини сақламаслигини ҳам таъкидлади. Айни пайтда тизимнинг киберхавфсизлигини кучайтириш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга, Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам ўзининг мобиль иловаси кенг кўламли киберҳужумга учраганини маълум қилди.

Вазирлик хабарига кўра, ҳужумчилар фойдаланувчиларга Россия томон ядровий жанговар каллаклар учирилгани ҳақида ёлғон билдиришномалар юборган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари тизимдаги заифликларни бартараф этиш ва илова фаолиятини тўлиқ тиклаш устида иш олиб бормоқда.

    Бошқа янгиликлар