Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Буюк Британиянинг Қироллик ҳарбий-денгиз флоти, ҳарбий-ҳаво кучлари ҳамда MI6 разведка хизматини террорчи ва душман ташкилотлар деб эълон қилди. Теҳрон бу қарорни Лондоннинг Эронга нисбатан «душманона ҳаракатлари»га жавоб сифатида қабул қилган. Бу ҳақда "РИА Новости" Press TV хабарига таяниб маълум қилди.
Press TV маълумотига кўра, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Буюк Британия АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётлари учун ўз ҳарбий базалари ҳамда логистика объектларидан фойдаланишга рухсат бергани қайд этилган.
Эрон томони бу ҳаракатларни Лондоннинг душманона сиёсати сифатида баҳолаб, жавоб чоралари кўрилганини билдирган.
Маълумот учун, 2026 йил 1 март куни Буюк Британия АҚШга Эронга қарши операциялар доирасида ўз ҳарбий базаларидан чекланган мудофаа мақсадларида фойдаланишга рухсат берган эди. Америка ҳарбийлари ушбу базалардан Эроннинг ракета омборлари ва учириш қурилмаларига қарши зарбалар беришда фойдаланиши мумкинлиги айтилган.
Лондон бу қарорни минтақадаги иттифоқчиларини ҳимоя қилиш ва Эроннинг кейинги ракета ҳужумларининг олдини олиш зарурати билан изоҳлаган. Шунингдек, Британия дастлабки АҚШ ва Исроил ҳужумларида иштирок этмаганини таъкидлаган.






