АсосийДУНЁ

Қозоғистонга кириш учун ўзбекистонликлардан ҳам электрон рухсатнома талаб қилинади

Қозоғистон 1 ноябрдан мамлакатга кирувчи хорижий фуқаролар учун электрон рухсатнома расмийлаштириш тартибини босқичма-босқич жорий этишни бошлади.

'Қозоғистонга кириш учун ўзбекистонликлардан ҳам электрон рухсатнома талаб қилинади'ning rasmi

Қозоғистон 1 ноябрдан мамлакатга кирувчи хорижий фуқаролар учун электрон рухсатнома расмийлаштириш тартибини босқичма-босқич жорий этишни бошлади. Янги тартиб Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли. Бу тегишли ҳукумат қарорида белгиланган.

Янги тартиб визасиз режим асосида Қозоғистонга кириш ҳуқуқига эга давлатлар фуқароларига тааллуқли. Улар электрон рухсатномани давлатнинг QazETA рақамли платформаси орқали расмийлаштириши мумкин.

Тизим қуйидаги муддатларда босқичма-босқич жорий этилади:

  • 2026 йил 1 ноябрдан — Ақтау халқаро аэропорти, шунингдек, Павлодар, Жамбил, Туркистон ва Жетису вилоятларидаги айрим автомобиль ўтказиш пунктларида;

  • 2027 йил 1 январдан — Остона ва Олмаота аэропортларида;

  • 2027 йил 1 мартдан — давлат чегарасининг қолган барча ўтказиш пунктларида.

QazETA платформаси 2026 йил январь ойидан синов тариқасида ишлай бошлаган. У орқали электрон рухсатнома, электрон виза, электрон резидентлик ва чегарадан ўтиш ҳақидаги маълумотномаларни расмийлаштириш мумкин.

Дастлабки босқичда электрон рухсатноманинг йўқлиги хорижликларнинг Қозоғистонга кириши рад этилишига сабаб бўлмайди. Бироқ 2027 йил 1 июлдан бошлаб ушбу талаб татбиқ этиладиган шахслар учун рухсатнома олиш мажбурий бўлади.

Электрон рухсатнома бепул расмийлаштирилади ва 180 календарь кун давомида амал қилади. Ушбу муддат ичида Қозоғистонда жами 90 кунгача бўлиш мумкин.

Шу билан бирга, 29 тоифадаги шахслар электрон рухсатнома олишдан озод этилади. Улар қаторига амалдаги Қозоғистон визаси эгалари, айрим тоифадаги дипломатлар, 16 ёшгача бўлган болалар ва 65 ёшдан катта шахслар киради. Бунда тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилади.

    Бошқа янгиликлар