АҚШнинг Флорида штатида Learjet 60 русумли хусусий самолёт аҳоли яшаш ҳудудига қулади. Ҳодиса оқибатида самолёт бортида бўлган тўққиз кишининг барчаси ҳалок бўлган. Бу ҳақда АҚШ транспорт вазири Шон Даффи маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳалокат якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 12:50 атрофида Палм-Бич округининг Крестхейвен ҳудудида содир бўлган. Ҳодиса жойи АҚШ президенти Дональд Трампнинг Мар-а-Лаго қароргоҳидан қарийб 14 километр узоқликда жойлашган.
Ҳалокатдан кейин олинган тасвирларда турар жой кўчасининг ўртасида катта чуқурлик, ёнғин излари, самолёт парчалари ва бетон бўлакларини кўриш мумкин.
АҚШ Федерал авиация маъмурияти маълумотига кўра, самолёт Техас штатидаги Остин шаҳридан учиб чиқиб, Багама оролларига йўл олган.
CBS News хабарига кўра, ҳалокатдан бир неча дақиқа олдин учувчи диспетчерларга самолёт дақиқасига 10 минг фут тезликда пастлаётганини билдирган. Кейинроқ у фавқулодда вазият эълон қилиб, самолёт дақиқасига 20 минг фут тезликда пастлаётганини айтган.
«Биз қулаймиз, вақтимиз тугади», — деган учувчи диспетчерларга.
Флорида губернатори Рон Десантис ҳалокат акс этган видеоларга изоҳ бериб, самолёт худди ракета каби ерга қулагани ва кучли портлаш содир бўлганини таъкидлаган.
Ҳозирча самолёт бортида кимлар бўлгани ҳақида маълумот берилмаган. Десантиснинг айтишича, дастлабки маълумотларга кўра, ерда бўлган фуқаролар орасида ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар қайд этилмаган.
АҚШ Федерал авиация маъмурияти ҳодиса жойига мутахассислар гуруҳини юборган. Улар Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши билан биргаликда ҳалокат сабабларини ўрганади. Палм-Бич округи ёнғин-қутқарув хизмати ҳодиса муносабати билан оммавий қурбонлар билан боғлиқ фавқулодда вазият эълон қилган.






