“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида оммавий спорт мусобақалари республика финал босқичига старт берилди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, жорий йилдаги мусобақалар Қарши давлат университети ва Қашқадарё вилоятининг бошқа олий таълим муассасалари мезбонлигида ўтказилмоқда.
“Беш ташаббус олимпиадаси” финал босқичининг тантанали очилиш маросимида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Спорт вазирлиги раҳбарлари, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вакиллари, шунингдек, спорт соҳасида эътироф этилган мутахассислар маросимнинг фахрий меҳмонлари сифатида ташриф буюрдилар.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида мусобақалар олий таълим муассасалари талабалари ўртасида спортнинг мини-футбол, стол тенниси, волейбол, енгил атлетика, стритбол турлари бўйича тўрт босқичда ўтказилмоқда.
Жорий йилда 147 та олий таълим муассасасида спортнинг 5 тури бўйича мусобақалар ўтказилди. Уларда 441 869 нафар талаба иштирок этди.
Ҳудудий босқичларда ғолиб чиққан жамоалар Қарши шаҳрида 9-13 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган республика финал босқичида иштирок этмоқда. Жорий йилги финал босқичида умумий ҳисобда 574 нафар иштирокчи қатнашмоқда.