Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида янги қурилган уйда аҳоли газ таъминотисиз яшаётгани, кадастр қилинмагани бўйича одамларнинг эътирозлари акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бунга муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, Янгиҳаёт тумани Йўлдош-6 мавзесидаги ушбу турар жой “Эрам Қурилиш” МЧЖга тегишли бўлиб, объектда қурилиш-монтаж ишлари ҳукуматнинг тегишли қарори асосида инспекцияни хабардор этмаган ҳолда ўзбошимчалик билан бошлаб юборилган. Ушбу ҳолат юзасидан МЧЖга нисбатан 2021 йил 7 июль куни ёзма кўрсатма берилган.
Бироқ белгиланган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмагач, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси (шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 7-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги сабабли МЧЖ раҳбарига суд органлари томонидан жазо чораси билан боғлиқ қарор чиқарилган. Хусусан, мазкур масала юзасидан Тошкент шаҳар Қурилиш Бош бошқармасига ва Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасига хатлар жўнатилган.
Шунингдек, 2024 йилнинг 12 июлида ушбу объектга текширув ўтказиш мақсадида чиқилганида қурилиш ишлари тўхтатилгани аниқланган ва қурилишга жавобгар мансабдор шахслар жойига етиб келмагани сабабли холислар иштирокида далолатнома тузилган.
2024 йил 5 ноябрда яна мониторинг ўтказилган ҳамда ҳолат юзасидан “Эрам Қурилиш” МЧЖга ёзма кўрсатма юборилган. Ҳозирги кунда инспекция мазкур ҳолат бўйича суд органларига тегишли тартибда чора кўрилиши юзасидан даъво аризаси киритмоқда.
“Қурувчи ташкилот ва фуқаролар (субинвестор) ўртасида тузилган шартнома шартлари бажарилишини назорат қилиш ҳудудий инспекция ваколатига кирмайди ва мазкур қурилиш объекти инспекция рўйхатидан ўтмагани сабабли уйнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб берилиши тадбиркор “Эрам Қурилиш” МЧЖнинг мажбуриятидир”, дейилади муносабатда.