Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун муҳокамаси жараёнида Сенат Қонунчилик палатасидан қачон қонун келаркан деб кутиб ўтирмаслигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 18 декабрь куни Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида сўз очди.
Унинг таъкидлашича, Сенат жорий йилнинг июль ойидан бошлаб барча ҳокимликлар, маҳаллий кенгашлар ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб, янги тажрибани шакллантирган ва амалиётга татбиқ этган.
Норбоеванинг сўзларига кўра, ҳудудлардаги ўрганишлар давомида аҳоли билан бевосита мулоқот асосида ҳар йили август-сентябрь ойларида давлат бюджетида назарда тутиш учун таклифлар тайёрланади ва ҳукуматга тақдим этилади. Айнан шу таклифлар асосида жойларда 6 мингга яқин муаммоли масалаларни ҳал этиш учун умумий ҳисобда 14 триллион сўмдан зиёд бюджет маблағлари йўналтирилишига эришилган.
Бу мактаб, боғча, шифохона, сув, йўл ва шунга ўхшаш масалалар учун”, дейди Сенат Раиси.
Шунингдек, ҳудудлардаги ўрганишлар ва аҳолининг мурожаатлари инобатга олинган ҳолда 2025 йилда 200 та лойиҳага 1,7 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш кўзда тутилган. Сенат Раиси ушбу лойиҳаларнинг барчаси яхшилаб ўрганиб чиқилганини билдирган.