Чехияда депутатлар палатаси россияликларнинг Россия фуқаролигидан воз кечмасдан, Чехия фуқаролигини олишини тақиқловчи қонунга ўзгартиришларни маъқуллади. Ҳозирга қадар чет элликлар Чехия паспортини олишда аввалги фуқаролигини ҳам сақлаб қолиши мумкин эди.
Эндиликда қонунчиликдаги тузатишлар Чехия фуқаролигини олиш учун россияликлар томонидан аллақачон берилган барча аризаларни кўриб чиқишни (15 ёшгача бўлган болалар бундан мустасно) чексиз муддатга тўхтатади.
Ушбу ташаббусни Чехиядаги рус диаспораси вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари танқид қилиб, уни "камситиш" сифатида баҳоладилар.
Қонун Чехия Сенати ва президенти томонидан тасдиқланганидан кейин кучга киради.