Конго Демократик Республикасида Эбола вируси тарқалиши давом этмоқда. 2026 йил май ойидан буён мамлакатда 5 026 киши ушбу касаллик оқибатида вафот этган. Жами 10 351 нафар беморда вирус аниқланган. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таяниб, халқаро нашрлар хабар берди.
Қайд этилишича, бу Эбола вируси тарихида ўлимлар сони бўйича иккинчи йирик эпидемия ҳисобланади. Ҳозирги эпидемияга Бундибугио туридаги вирус сабаб бўлмоқда. Ушбу вирусга қарши ҳозирча тасдиқланган вакцина ва махсус даволаш усули мавжуд эмас.
Мамлакатда ҳар ҳафта 400–500 та янги касалланиш ҳолати аниқланмоқда. Янги беморларнинг тўртдан биридан камроғи аввал маълум бўлган инфекция юқиш занжирлари билан боғлиқ. Бу эса касалланганларни аниқлаш ва уларни бошқалардан ажратиш жараёнини қийинлаштирмоқда.
Эмори университети мутахассиси Богуму Титанжининг айтишича, вирус тарқалиши ҳануз жуда юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Эпидемияга қарши курашга бир қатор омиллар тўсқинлик қилмоқда. Жумладан, мамлакатдаги қуролли тўқнашувлар, аҳолининг тиббиёт ходимларига нисбатан ишончсизлиги ва халқаро ёрдам ҳажмининг қисқариши вазиятни янада мураккаблаштирган.
Вирус Конго ҳудудидан ташқарига ҳам тарқалган. Жумладан, Кения, Нигерия ва Угандада ҳам касалланиш ҳолатлари қайд этилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, эпидемия билан боғлиқ ҳолатлар Францияда ҳам аниқланган.
Айни пайтда Европа эпидемиологик хизматлари вируснинг Европа Иттифоқида кенг тарқалиш хавфини жуда паст деб баҳоламоқда.
Эбола инфекцияланган одамнинг қони ва бошқа биологик суюқликлари билан бевосита алоқа орқали юқади. Бемор касаллик белгилари пайдо бўлганидан кейингина бошқалар учун юқумли ҳисобланади.
Касаллик дастлаб юқори ҳарорат, бош ва мушак оғриғи билан намоён бўлади. Кейинчалик қайт қилиш, ич кетиши ва қон кетиши кузатилиши мумкин. Оғир ҳолатларда бир нечта ички аъзолар фаолияти издан чиқади.






