АҚШнинг Россиядаги элчихонаси Москвадаги "Царицино" музей-қўриқхонаси ҳудудида теракт содир этилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш эълон қилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ҳам Америка томонидан эҳтимолий ҳужум ҳақида маълумот олинганини тасдиқлади.
Элчихона маълумотига кўра, 31 октябрь куни ушбу ҳудудда кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин бўлган ҳодиса юз бериши эҳтимоли бор. АҚШ фуқароларига музей-қўриқхонага бормаслик ва одамлар гавжум жойлардан узоқ юриш тавсия қилинган.
Россия ФХХ маълумотлар «ҳамкорлик каналлари» орқали олинганини ва айни пайтда тегишли ишлар олиб борилаётганини билдирган. Ҳодисага оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.
АҚШ элчихонаси 2024 йил март ойида ҳам "Крокус Сити Ҳолл"даги терактдан олдин шунга ўхшаш огоҳлантириш берганди. Ўшанда АҚШ фуқароларига 48 соат давомида оммавий тадбирларга бормаслик тавсия қилинган. Бироқ 22 март куни содир этилган ҳужум оқибатида 150 киши ҳалок бўлган.
Теракт учун жавобгарликни "Ислом давлати" террорчилик ташкилотининг "Хуросон вилояти" бўлинмаси ўз зиммасига олган. 2026 йил март ойида ҳужумни амалга оширишда айбдор деб топилган тўрт киши ва уларнинг 11 нафар шериги умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Яна тўрт нафар айбланувчи 19 йилдан 22 йилгача озодликдан маҳрум этилган.






