АсосийДУНЁ

Хитойда дронлар тоғдаги боғлардан апелсин ташимоқда

“Global Times” нашри CCTV телеканали маълумотларига таяниб хабар беришича, Хитойда 300 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги дрони мавжуд.

'Хитойда дронлар тоғдаги боғлардан апелсин ташимоқда'ning rasmi

Хитойда қишлоқ хўжалигида дронлардан фойдаланиш кўлами кенгаймоқда. Энди учувчисиз аппаратлар нафақат экинларга ишлов бериш, балки тоғ ёнбағирларидаги боғлардан йиғиб олинган апелсинларни ташишда ҳам қўлланилмоқда.

“Global Times” нашри CCTV телеканали маълумотларига таяниб хабар беришича, Хитойда 300 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги дрони мавжуд. Улар ҳар йили 30,6 миллион гектардан зиёд майдонга ишлов беради.

Аввалроқ агродронлар асосан экинларга зараркунандаларга қарши воситалар сепишда ишлатилган бўлса, ҳозир уларнинг вазифалари анча кенгайган. Жумладан, ўсимликлар ҳолатини кузатиш, қишлоқ хўжалиги материаллари ва йиғиб олинган ҳосилни ташишда ҳам улардан фойдаланилмоқда.

Маълумотларга кўра, экинларни ҳимоя қилишда дронлардан фойдаланиш қўл меҳнатига нисбатан иш унумдорлигини 20 баравардан ортиқ ошириши мумкин. Шунингдек, ишлов беришда сув сарфи 50 фоиздан зиёд, пестицидлар миқдори эса 20–40 фоизга камаяди.

Қишлоқ хўжалигида дронлар билан бир қаторда роботлар ва бошқа “ақлли” техникалардан фойдаланиш ҳам кенгаймоқда. Улар суғориш, далаларни кузатиш ва ҳосилни ташиш каби жараёнларни автоматлаштиришга хизмат қилмоқда.

Хитой Халқ университети профессори Чжоу Лининг таъкидлашича, қишлоқ жойларда ишчи кучига кетадиган харажатларнинг ортиши бундай техникага талабни кучайтирмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эса дронларни такомиллаштириб, уларнинг нархини пасайтирмоқда. Бу эса замонавий технологиялардан кичик фермерлар ва кооперативлар ҳам фойдаланишига имконият яратмоқда.

    Бошқа янгиликлар