Суриядаги террористик ташкилотлар аъзоларига ёрдам берган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда ҳуқуқ тартибот идоралари хабар берди.
Маълум қилинишича, Андижон шаҳридаги парҳез таомлар ошхонасида ошпаз бўлиб ишловчи З.М. ўзининг фойдаланувида бўлган телефон аппарати ёрдамида “Instagram”, “Telegram”, “WhatsApp” тармоқларида профиллар очиб, ушбу профиллар орқали диний-экстремистик ташкилотларнинг “ҳижрат” ва “жиҳод” тўғрисидаги материалларини тинглаб, томоша қилган.
Шунингдек, у Сурия Араб Республикасидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” ҳамда “Ғуроба катибаси” террористик ташкилотлари сафида бўлган андижонлик 3 нафар фуқаро билан 2023 йилнинг май ойидан мулоқотга киришиб, уларнинг таъсирида Сурияга кетишни мақсад қилган. Лекин, оилавий муаммолар сабабли режасини амалга оширолмаган.
Бундан ташқари, 2023 йилнинг август-декабрь ойлари давомида ушбу фуқароларнинг оила-аъзолари ва танишлари берган жами 7150 АҚШ доллари ҳамда 41 млн. 230 минг сўм пул маблағини мобил иловалардан фойдаланган ҳолда, криптовалюта билан шуғулланувчи шахсларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиш орқали уларга етказиб берган. Яъни, улар ушбу пул маблағларини криптовалюта билан шуғулланувчи шахслардан ўзлари учун зарур бўлган хорижий валюта кўринишида қабул қилиб олишган.
Шу билан биргаликда, З.М. улардан бирининг шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи аёлни 2023 йилнинг 19 декабрь куни “Дўстлик” чегара ўтказиш пункти орқали Қирғиз Республикасига ўтказиб, келгусида Туркия орқали Сурия давлатига етиб бориши учун Ўш шаҳридаги аэропортга кузатиб қўйган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида З.М.нинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Жиноят ишлари бўйича Бўстон тумани суди томонидан фуқаро З.М. Жиноят Кодексининг 1553- (терроризмни молиялаштириш) ва 2442- (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш)моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Маълумот ўрнида айтиш лозим, Суриядаги 3 нафар андижонликдан бири қуролли тўқнашувларда аянчли ўлим топган.