Буюк Британиянинг The Financial Times газетаси ҳам Дональд Трампни "Йил одами" деб эълон қилди.
Газета мақоласида келтирилган фикрларга кўра, Дональд Трампнинг иккинчи президентлик муддатида Украинага кўрсатилаётган ёрдамни қирқиш, Европа Иттифоқининг жипслигини заифлаштириш, шунингдек, Хитой билан битим тузиш ёки савдо урушини бошлаши кутилмоқда.
“Бу йилги сайловларда Трамп ҳокимият тепасига қайтишига оид ўзига хос жиҳатлари боис The Financial Times газетаси танловига айланди. Энди Трампни тасодифий ҳодиса деб ҳисоблаб, аҳамият бермаслик мумкин эмас”, дейилади мақолада.
Каттагина ҳажмдаги ушбу мақоланинг сатрлари орасида норозилик кайфиятини ҳам пайқаш мумкин. Нашр Трампнинг қайта сайланишини “замонавий AҚШ тарихидаги энг драматик қайтиш" деб атаган.
Мақола шундай эслатма билан якунланади: "Баъзилар Трамп 2.0 янги тартибни эмас, балки бетартибликни англатади, деб тахмин қилишмоқда. Нима бўлишидан қатъий назар, Трампнинг қайтиши AҚШ сиёсати ва дипломатиясида пулга асосланган янги зарҳал асрнинг бошланишидан дарак беради."
Таъкидлаш жоиз, моҳиятига кўра The Financial Times газетаси аввалдан ҳам Дональд Трампнинг мухлиси бўлмаган. Масалан, газета ноябр ойида унинг Madison Square Garden намойишларини “ирқчилик уфуриб турибди" деб таърифлаган эди. Трамп сайловларда ғолиб чиққач, "Глобал иқтисодиёт Трамп зарбасидан шокка тушишга тайёрланмоқда" деган сарлавҳада мақола чоп этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Time ҳафталик журнали ҳам Дональд Трампни “Йил одами” деб эълон қилган эди.
Абдуллоҳ Саййид