Бишкекда Қирғизистон президенти администрацияси биносида республика Вазирлар Маҳкамаси ва "Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" темир йўл компанияси" МЧЖ ўртасида инвестиция битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Инвестиция битимини Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазири Абсаттар Сиргабоев ва "Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" темир йўл компанияси" МЧЖ директорлар кенгаши раиси Чжун Шенгуй имзолади. Имзолаш маросимида ХХРнинг Қирғизистондаги муваққат ишлар вакили Ли Баотсе ва Ўзбекистон элчиси Саидикрам Ниязходжаев бошчилигидаги Хитой ва Ўзбекистон делегациялари ҳам иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳага аъзо мамлакатлар транспорт инфратузилмасини ривожлантириш стратегиясининг муҳим элементи бўлиб, мамлакатларга нафақат ижтимоий-иқтисодий самара олиб келиши, балки ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Қирғизистоннинг "Кабар" миллий ахборот агентлиги маълумотларига кўра, темир йўл қурилиши 2024 йил 27 декабрда бошланади.