Сурия диктатори Башар ал-Асаднинг рафиқаси Асма ажрашиш учун ариза берди. Суриянинг собиқ биринчи хоними гўёки Москвадаги шароитдан норози ва шунинг учун Лондонга кўчиб ўтмоқчи. Бу ҳақда CNN Turk телеканали манбаларга таяниб хабар берди.
Асад оиласига яқин манбалар Асма Асад Москвада яшашни ёқтирмаслигини даъво қилмоқда. Аёл Британия фуқаролигига эга экан, энди у Лондонга кўчиб ўтмоқчи. Бироқ, у Лондонга кетиши учун Асад билан ажрашиши керак.
Асма Асад Россия адлия органларига мурожаат қилди. Ҳали унинг аризаси кўриб чиқилмаган.
Башар ал-Асаднинг ўзи Москвада жуда оғир шароитларда яшайди. Манбаларга кўра, унга Москвадан чиқиб кетиш ва ҳар қандай сиёсий фаолият билан шуғулланиш тақиқланган. Бундан ташқари, Россия расмийлари Башар ал-Асаднинг молиявий активларига киришни музлатиб қўйган.
Асма Асад ҳақида нималар маълум?
Асма Асад Сурияда уруш бошланишидан олдин жуда машҳур эди. У "чўл атиргул" деб аталди ва ҳатто малика Диана билан солиштирилди. Асма Асад Лондонда туғилган ва таҳсил олган.
2000 йилда Асма Башар ал-Асадга турмушга чиқди ва Суриянинг биринчи хоними бўлди. У замонавий ва илғор аёл сифатида қабул қилинган, аммо Сурияда фуқаролар уруши бошланганидан кейин унинг қиёфаси кескин ўзгарган.