АсосийДУНЁ

Украина Россиянинг 14 та ҳудудига зарба берди: Белгородда уч киши ҳалок бўлди

Аввалроқ Украинанинг Россия жанубидаги Адигейск шаҳрига дронлар орқали ҳужуми оқибатида Ozon компаниясининг логистика марказида ёнғин чиққан эди.

'Украина Россиянинг 14 та ҳудудига зарба берди: Белгородда уч киши ҳалок бўлди'ning rasmi

Россия Мудофаа вазирлиги бир кечада 709 та украин дрони уриб туширилганини маълум қилди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.

Украина дронларининг Россиянинг Белгород вилоятига ҳужуми оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда 4 ноябрь куни вилоят расмийлари маълум қилган.

Айни пайтда Россия қўшинларининг Украинага берган зарбалари ҳам бир нечта ҳудудда жиддий оқибатларга сабаб бўлди. Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг билдиришича, Россиянинг тунги ҳужумлари мамлакатнинг тўққизта ҳудудидаги электр энергияси ишлаб чиқариш объектлари ва подстанцияларга зарар етказган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса Украина ҳудудидаги Киев ва Житомир вилоятларида жойлашган иккита электр станциясига зарба берилганини тасдиқлаган.

Ҳужумлар оқибатида Киев ва унинг атрофидаги ҳудудларда электр ҳамда сув таъминоти бир неча соатга узилган. Пойтахт аҳолисига ичимлик сувини махсус жамоат шохобчаларидан олиш тавсия этилган. Шунингдек, жабрланган ҳудудларда аҳолига иссиқ чой тарқатиш ва электрон қурилмаларни қувватлантириш имконини берувчи фавқулодда ёрдам марказлари ташкил этилган.

Россия Энергетика вазирлиги Украина ҳужумлари мамлакат энергетика инфратузилмасига зарар етказганини ва вақтинчалик электр узилиши жадваллари жорий этилганини билдирган.

Reuters агентлиги хабарига кўра, Россия қўшинлари Киевдан ташқари Полтава, Днипро, Кировоград ва Ривне вилоятларига ҳам зарба берган.

Россия Мудофаа вазирлиги 4 ноябрга ўтар кечаси мамлакатнинг 14 та ҳудуди, Қрим яримороли, Қора ва Азов денгизлари акваториялари узра Украинанинг 709 та дрони уриб туширилганини маълум қилган.

Аввалроқ Украинанинг Россия жанубидаги Адигейск шаҳрига дронлар орқали ҳужуми оқибатида Ozon компаниясининг логистика марказида ёнғин чиққан эди. Компания барча ходимлар эвакуация қилингани ва ҳеч ким жабрланмаганини билдирган. Зарар кўрган маҳсулотлар сотувдан олиб ташланган, буюртмаларни етказиб бериш эса бошқа объектларга йўналтирилган.

    Бошқа янгиликлар