Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида хотини ва вояга етмаган қизини ўлдирган, шунингдек, қизига нисбатан жинсий зўравонлик содир этган эркак умрбод озодликдан маҳрум қилинди. У судда ўз айбига иқрор бўлмаган.
Маълум бўлишича, 28 ёшли Ҳ.Қ. 2026 йил 7 июнь куни тонгда маст ҳолатда турмуш ўртоғи яшаб келган хонадонга борган. У эшикни ўзида бўлган калит билан очиб, ичкарига кирган.
Эркак рашк сабабли 24 ёшли хотинини ўлдиришга қарор қилган. Соат 07:30 атрофида хонадон меҳмонхонасида унинг бошига уриб, бўғиш орқали ҳаётига нуқта қўйган.
Жанжал овозидан уйғонган, 2023 йилда туғилган қизалоқ ҳам отасининг зўравонлигига дуч келган. Ҳ.Қ. қизини ётоқхонага олиб кириб, унга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган.
Шундан сўнг у жиноят изларини яшириш мақсадида қизалоқнинг жасадини қора рангли спорт сумкасига солиб, отаси яшайдиган хонадонга олиб борган ва ҳожатхонага ташлаб кетган.
Судда айбланувчи ўз айбини тан олмаган. У фарзандларини ва оиласини яхши кўрганини айтиб, мазкур жиноятни содир этмаганини билдирган.
Бироқ иш материаллари, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва ашёвий далиллар унинг жиноятга алоқадорлигини тасдиқлаган.
Жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар суди Ҳ.Қ.ни хотини ва қизини ўлдиришда айбли деб топди. Суд ҳукми билан унга узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. У жазони махсус тартибли колонияда ўтайди.
Аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида аёл ва унинг тўрт нафар фарзандини ёқиб юборган эркак ҳам умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.






