Россия шимолий кореяликларнинг ҳақиқий исмларини яшириш мақсадида уларга сохта ҳужжатлар бермоқда. Бу ҳақда Украина Қуролли кучларининг Facebook саҳифасида эълон қилинди.
Қайд этилишича, Россия Украинага қарши урушда иштирок этаётган Шимолий Корея аскарларига уларнинг фронтдаги мавжудлигини яшириш учун сохта гувоҳномалар бермоқда. Бу ҳужжатларда уларнинг яшаш жойи сифатида Тува Республикаси кўрсатилган, лекин корейс тилидаги шахсий имзолар қўйилган.
Баёнотга кўра, Шимолий Корея аскарлари Россиянинг Курск вилоятидаги жангларда қатнашган.
“Бу ҳарбий гувоҳномаларда муҳрлар, фотосуратлар йўқ. Отасининг исми русча кўрсатилган, туғилган жой эса Тува Республикаси сифатида қайд этилган”, дейилади баёнотда.
Украина махсус операциялар кучлари россияликларнинг бундай чоралар кўришини жанг майдонида йўқотишларни ва хорижий ҳарбийларнинг мавжудлигини яшириш учун қилаётганини тахмин қилмоқда.