Пекиндаги элчихонамиз дипломатларининг Хитой томони билан олиб борган музокаралари натижасида ХХРда вақтинча истиқомат қилиши давомида мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган 11 нафар ўзбекистонлик хотин-қизлар Ватанга қайтарилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Фуқароларга элчихона томонидан консуллик–ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг барчаси Хитой томони ва "Uzbekistan Airways" авиакомпаниясининг Пекиндаги ваколатхонаси билан мувофиқлаштирилган ҳолда "Пекин–Тошкент" йўналишида 22 декабрь куни Ўзбекистонга етиб келган.
Хитойнинг соҳага алоқадор вазирлик ва идоралари билан яқин ишчи ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, бундан кейин ҳам ушбу мамлакатда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қоладиган ватандошларга сифатли ҳуқуқий ёрдам ва тезкор консуллик хизматлари кўрсатиш бўйича йўлга қўйилган тизимли ишлар давом эттирилади.