Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри ва Москва вилоятида маймунчечак юқтирган бўлиши мумкин бўлган шахслар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув бошланди. Жами 10 киши шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Қайд этилишича, 16 октябрь куни Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича Роспотребнадзор бошқармаси эҳтимолий маймунчечак ҳолати ҳақидаги маълумотдан сўнг санитария-эпидемиология суриштируви бошланганини маълум қилган. Беш киши шифохонага ётқизилиб, тиббий назоратга олинган. Мутахассислар улар билан мулоқотда бўлган шахсларни аниқламоқда. Шунингдек, дезинфекция ишларини ўтказиш бўйича кўрсатма берилган.
Идора маълумотига кўра, вирусни аниқлаш учун махсус тест тизимларидан фойдаланилмоқда. Суриштирув давом этмоқда, вазият назорат остида.
Бундан бир кун аввал, 15 октябрь куни Москва вилоятида ҳам эҳтимолий инфекция манбаи билан мулоқотда бўлган беш киши профилактика мақсадида шифохонага ётқизилган. Ҳудудий Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларда касаллик аломатлари аниқланмаганини ва аҳволи қониқарли эканини билдирган. Улардан таҳлиллар олиниб, тиббий кузатув ўрнатилган.
Айрим оммавий ахборот воситалари Москва вилоятида шифохонага ётқизилганлар бир хонадонда яшаганини ва 21–35 ёш оралиғида бўлганини хабар қилган. Бироқ маймунчечак ташхиси ушбу шахсларда тасдиқлангани ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Маймунчечак қандай юқади?
Маймунчечак — вирус келтириб чиқарадиган юқумли касаллик. У асосан касалланган одам билан яқин жисмоний мулоқотда бўлиш, теридаги тошмалар ёки биологик суюқликлар билан алоқа қилиш, шунингдек, вирус билан ифлосланган кийим-кечак ва бошқа буюмлар орқали юқиши мумкин. Айрим ҳолларда касалланган ҳайвонлардан ҳам юқади.
Касаллик аломатлари инфекция юққанидан кейин 1–21 кун ичида пайдо бўлиши мумкин. Улар қаторига иситма, бош ва мушак оғриғи, лимфа тугунларининг катталашиши, ҳолсизлик ҳамда терида оғриқли тошмалар тошиши киради.
Иркутскдаги ҳолат бўйича нима маълум?
Россиянинг Иркутск вилоятидаги ўлатга қарши илмий-тадқиқот институти ходимаси Дарья Шипилованинг ўлими ҳам аввалроқ жамоатчилик эътиборини тортган эди. Айрим нашрлар унинг ўлими ва ҳудуддаги карантин чоралари юзасидан саволлар кўтарган. Бироқ ўлат касаллиги билан боғлиқ гумонлар расман тасдиқлангани ҳақида ишончли маълумот келтирилмаган.
Ҳудуддаги эпидемиологик вазият юзасидан турли хабарлар тарқалган бўлса-да, уларни тасдиқланган ташхислардан фарқлаш муҳим.
Ҳозирча Санкт-Петербург ва Москва вилоятидаги маймунчечак гумони билан боғлиқ ҳолатлар бўйича эпидемиологик текширувлар давом этмоқда. Шифохонага ётқизилган барча шахсларда касаллик тасдиқлангани ҳақида расмий маълумот йўқ.






