Рим папаси Лев XIV Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотда Украинанинг Херсон вилоятидаги Олешки шаҳрида юзага келган оғир гуманитар вазиятдан хавотир билдирди. У аҳолига озиқ-овқат ва тиббий ёрдам етказиш, шунингдек, тинч аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш имконини яратиш учун ўт очишни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда Ватикан ва Кремль матбуот хизматлари хабар берди.
Маълум қилинишича, мулоқот 16 октябрь куни бўлиб ўтган. Рим папаси Олешки аҳолисига зарур ёрдам етказиш ва уларни хавфсиз жойларга кўчириш масаласига алоҳида эътибор қаратган.
Кремль баёнотига кўра, Путин шаҳардаги оғир гуманитар вазият учун Украина ҳукуматини айблаган. Шу билан бирга, Россия раҳбари Ватикан томонидан аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва уларга зарур ёрдам етказиш бўйича билдирилган ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Томонлар бу борада ҳамкорлик қилишга келишиб олган.
Олешкида вазият қандай?
Украинанинг Херсон вилоятида жойлашган Олешки шаҳри 2022 йилдан буён Россия назорати остида. Манбада келтирилишича, 2026 йил кузига келиб шаҳардаги гуманитар вазият кескин оғирлашган.
Давом этаётган дрон ҳужумлари ва жанговар ҳаракатлар оқибатида маҳаллий аҳоли озиқ-овқат, электр энергияси ҳамда тиббий ёрдамдан фойдаланишда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Шунингдек, аҳолининг хавфсиз ҳудудларга чиқиб кетиши ҳам мушкуллашган.
Рим папасининг Путин билан мулоқоти айнан шу шароитда тинч аҳолига ёрдам етказиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалаларини кун тартибига олиб чиқди.






