Греция пойтахти Афина шаҳрида мамлакатнинг энг баланд биноси бўлиши кутилаётган 200 метрли Riviera Tower осмонўпар биноси қурилмоқда. Унинг баландлиги шаҳардаги одатий 32 метрлик қурилиш чекловидан олти баравардан ҳам юқори. Лойиҳа махсус истисно асосида рухсат олган бўлса-да, жамоатчилик орасида баҳсларга сабаб бўлмоқда.
Riviera Tower қиймати 9 миллиард долларга баҳоланган Ellinikon шаҳарсозлик лойиҳасининг асосий иншоотларидан бири ҳисобланади. Қурилиш майдони Афина Ривьерасида, Пирей портидан Посейдон ибодатхонасигача чўзилган соҳил ҳудудида жойлашган. Мазкур ҳудуднинг майдони Монако ҳудудидан тахминан уч баравар катта.

Ellinikon лойиҳаси доирасида бир нечта турар жой мажмуаси, минглаб хонадонлар, Hard Rock меҳмонхонаси ва казиноси, савдо маркази ҳамда янги жамоат пляжини барпо этиш режалаштирилган. Шунингдек, спорт мажмуаси, мактаблар, офислар ва тиббиёт муассасалари қурилиши кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида икки миллион квадрат метр майдонда яшил ҳудуд ташкил этилиши ҳам режалаштирилган.
Riviera Tower қурилишига нисбатан билдирилаётган эътирозларнинг асосий сабаби унинг баландлиги ва Афинанинг тарихий қиёфасига таъсиридир. Шаҳарда бинолар баландлиги одатда 32 метр билан чекланади. Бу чеклов, жумладан, Акрополь ва унда жойлашган Парфенон ибодатхонасининг шаҳар манзарасидаги ўрнини сақлашга хизмат қилади.

Бироқ 200 метрли осмонўпар бино ҳамда бутун Ellinikon лойиҳаси учун амалдаги қурилиш меъёрларидан истисно тариқасида рухсат берилган. Шу боис Riviera Tower атрофдаги пастқаватли бинолар орасида кескин ажралиб туради.
Манбада келтирилган 2025 йилги сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 63 фоизи Riviera Tower қурилишига қарши чиққан. Ellinikon лойиҳасининг ўзига эса сўров иштирокчиларининг 41 фоизи қарши эканини билдирган.
Тарихий марказдан маълум масофада жойлашганига қарамай, осмонўпар бинонинг Афина манзарасига таъсири танқидчиларнинг асосий эътирозларидан бири бўлиб қолмоқда.
Лойиҳа Греция пойтахтида замонавий шаҳарсозлик, йирик инвестициялар ва тарихий-маданий меросни асраш ўртасидаги мувозанат масаласини яна кун тартибига олиб чиқди.






