Россия Афғонистон орқали Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига табиий газ транзити бўйича стратегик шартнома имзолашга тайёргарлик кўрмоқда. Afghan Voice Agency (AVA) шу ҳақда хабар берган.
Aфғонистондаги Россия Савдо маркази раҳбари Рустам Хабибулиннинг маълум қилишича, расмий Қобул Россия билан Aфғонистон орқали 50 миллион куб метр табиий газ транзити бўйича келишув имзолашни истаяпти.
Хабибулиннинг сўзларига кўра, ушбу келишув Aфғонистон бўйича Москва формати доирасидаги навбатдаги йиғилишда, жорий йилда Қозон шаҳрида якуний шаклга келтирилиши режалаштирилган. Шунингдек, у суюлтирилган газ транзитининг синов босқичи муваффақиятли якунланганини таъкидлади.
Россия ва Ислом Aмирлиги 2023 йилда Aфғонистон орқали 50 миллион тонна Россия нефтини транзит қилиш бўйича келишувга эришган эди. Бундан ташқари, томонлар 2024 йилда Aфғонистон орқали 2 миллион тонна Россия уни ва буғдойини транзит қилишга келишиб олишган.
Мазкур келишувлар Aфғонистоннинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган интилишини кўрсатади. Шу билан бирга, Россия ўз энергия ресурсларини янги бозорларга етказиб бериш имкониятларини кенгайтирмоқда. Бироқ ушбу транзит йўналишлари ва уларнинг хавфсизлиги бўйича батафсил маълумотлар ҳозирча ошкор этилмаган.
Абдуллоҳ Саййид