Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари 9209-ҳарбий қисм ходимлари томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ноқонуний ов қилиб юрган 3 нафар фуқаро аниқланди. Ҳолат Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Бўстонлиқ туман бўлими ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда ўрганилди.
Ўрганиш натижасида Бўстонлиқ тумани Кичиксой МФЙдаги чегара олди ҳудудида 3 нафар фуқаро “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонун, Давлат чегараси тўғрисидаги қонун, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси режими ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги Низомларда кўрсатилган талабларни бузган ҳолда ноқонуний ов қилиб юргани маълум бўлди.
Ҳолат ўрганилганда уларнинг ёнидан 2 та ов қуроли ва овланган 1 дона ёввойи чўчқага тегишли гўшт бўлаклари топилди. Ноқонуний ов натижасида табиатга 11 миллион сўмдан зиёд зарар етказилган.
Ҳолатга қонуний баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Бўстонлиқ туман Жиноят ишлари бўйича судига тақдим этилди. Ов қуроллари эса Бўстонлиқ туман Ички ишлар бўлимига топширилди.