Сурхондарё вилояти ҳокими Улўғбек Қосимов 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан вилоят ҳокими ўринбосарлари ҳамда шаҳар ва туман ҳокимларини мукофотлаш учун 661 миллион сўм ажратганди.
Вилоят ҳокимининг 7 нафар ўринбосарларини рағбатлантириш учун 201 миллион 250 минг сўм, вилоят ҳокимининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари – вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғини рағбатлантириш учун 28 миллион 750 минг сўм, шунингдек, Термиз шаҳар ва туманлар ҳокимларини рағбатлантириш учун эса 431 миллион 250 минг сўм ажратилган.
Мазкур пулни ажратиш тўғрисидаги фармойиш 20 январда қабул қилинганидан сўнг, жамоатчиликнинг кўплаб эътирозларига сабаб бўлди.
Бугун, 25 январь Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизматининг хабарига кўра, жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган фармойиш бекор қилинган.
"Ижтимоий тармоқлар орқали Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимларини рағбатлантириш тўғрисида қабул қилинган 2025 йил 20 январдаги 12-8-0-Ф/25-сонли фармойиш юзасидан турли постлар эълон қилинди.
Мазкур фармойиш қайта кўриб чиқилиб, бекор қилинган. Маблағлар “Қашшоқликдан фаровонлик сари” дастурига йўналтирилиши белгиланмоқда", дейилади хабарда.