АсосийДунё

АҚШ ташқи ёрдам дастурларини вақтинча тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди

Айни пайтда Америка ёрдамининг тўхтатилиши қай даражада кенг қамровли экани номаълум.

'АҚШ ташқи ёрдам дастурларини вақтинча тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди'ning rasmi

"АҚШ Давлат котиби Марко Рубио айрим хорижий давлатларга кўрсатиладиган ёрдамни 90 кунга тўхтатиш бўйича кўрсатма берди. Ушбу қарор Доналд Трампнинг президентлик вазифасига киришганидан кейин имзоланган фармон асосида қабул қилинган", деб хабар беради Reuters.

Politico маълумотига кўра, бу чекловлар Украина, Иордания ва Тайванга йўналтирилган ҳарбий ёрдамга таъсир кўрсатиши мумкин. Бироқ, фармонда Исроил ва Мисрга ёрдамни давом эттириш бўйича истиснолар белгиланган, бошқа мамлакатлар ҳақида эса ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Қўшма Штатлар Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг бир ходими Reuters билан суҳбатда маълум қилишича, Украинадаги лойиҳалар устида ишлаётган ходимларга фаолиятни тўхтатиш бўйича кўрсатмалар берилган. "Тўхтатилган ташаббуслар орасида мактабларни қўллаб-қувватлаш ва соғлиқни сақлаш хизматлари, жумладан, оналарга ёрдам ва болаларни эмлаш дастурлари ҳам бор", — деган манба.

Трамп ушбу қарори орқали ташқи ёрдам самарадорлигини баҳолаш ва уни АҚШ ташқи сиёсатининг устувор йўналишларига мувофиқлаштириш учун вақт олишни кўзлаган.

Айни пайтда Америка ёрдамининг тўхтатилиши қай даражада кенг қамровли экани номаълум, аммо USAID ходимлари бу қарорни "жиддий оқибатларга олиб келадиган" ҳаракат сифатида баҳолаган.

Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар